Стратегик ташаббуслар агентлиги Бош вазир Михаил Мишустинга меҳнат муҳожирларини вақтинча Россия фуқароларига тенглаштиришни тавсия қилди. Бу ҳолатда муҳожирлар ишсизлик бўйича нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Агентликнинг таъкидлашича, Португалия ҳам шу йўлдан бориб, 580 минг меҳнат муҳожирини мамлакат фуқароларига тенглаштирган. Улар 1 июлга қадар ижтимоий тўловларни олишлари мумкин.
18 апрелда президент Владимир Путин Россиядан кетолмай қолган муҳожирларга 15 июнга қадар турли рухсатнома ва ҳужжатлар муддатини чўзмасдан яшаш имкониятини берган эди.
Мутахассислар фикрича, Россияда меҳнат муҳожирларига ишсизлик нафақаси бериш масаласини ҳал қилиш осон кечмайди. Бунинг учун биринчи навбатда нафақа федерал ёки маҳаллий бюджетда берилиши масаласини ҳал қилиш лозим.
Расмий статистиканинг билдиришича, мигрантларнинг учдан бир қисми Москвада меҳнат қилади. Бу ердаги мигрантлар сони 1 миллион 400 минг одамни ташкил қилади.