Европа Иттифоқи коронавирусга қарши курашиш учун молиявий-техник кўмак ажратиш тўғрисида қарор қабулди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати 20 апрелда хабар берди.
Расмий хабарда айтилишича, президент Шавкат Мирзиёев 20 апрел куни Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель билан телефон орқали мулоқот қилди.
“Европа кенгаши Президенти Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш ва пандемиянинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга салбий таъсирини камайтириш бўйича кўрилаётган мислсиз қатъий чора-тадбирларни юксак баҳолади ва тўлиқ қўллаб-қувватлади.
Шарль Мишель Европа Иттифоқи ушбу глобал хатарга қарши курашишда Ўзбекистонга зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди, мамлакатимизга ушбу мақсадлар учун молиявий-техник кўмак ажратиш тўғрисида қарор қабул қилингани тўғрисида хабар қилди”, дейилади расмий хабарда.
Бундан ташқари томонлар кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги битимни қабул қилишга тайёргарликни йил якунига қадар якунлаш мақсадида ушбу ҳужжат лойиҳаси бўйича фаол музокараларни давом эттиришга келишиб олинди.
“Суҳбат якунида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги конструктив мулоқот ва кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга интилишлари қатъий эканини таъкидладилар”, дейилади расмий хабарда.