Россия Бош вазири гуманитар ёрдам учун Тошкентга миннатдорчилик билдирди

Россия Бош вазири Михаил Мишустин.

Россия Бош вазири Михаил Мишустин 20 апрелда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов билан телефон орқали суҳбатлашди ва Тошкент Москвага коронавирусга қарши курашда зарур бўлган ёрдамни жўнатгани учун миннатдорчилик билдирди.

“Мишустин коронавирус инфекциясига қарши зарур бўлган ҳимоя ниқоблари ва бошқа воситаларни жўнатгани учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорчилик билдирди. Бош вазир мазкур гуманитар ёрдам Россия-Ўзбекистон муносабатларининг ўзаро ҳамкорлик асосида қурилганини яна бир бор исботлаганини таъкидлади”, дейилади Россия ҳукумати тарқатган расмий маълумотда.

Ўз навбатида Абдулла Арипов ҳам Россияга коронавирусни аниқловчи тест системаларини тезкорлик билан жўнатгани учун миннатдорчилик билдирди.

Ўзбекистон 18 апрель куни Россияга самолётда 5 миллион дона тиббий ниқоб ва бошқа воситаларни жўнатгани хабар қилинган эди.