Ўзбекистонда коронавирус умуман аниқланмаган ёки эпидемиологик вазият яхшиланган вилоят, туман ва шаҳарларда карантин чекловлари босқичма-босқич юмшатилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 20 апрелда ўтган видеоселектор йиғилишида кўрсатма берди.
Бундан ташқари президент тадбиркорларга ҳар бир маҳаллада 10-20та муҳтож оилага озиқ-овқат ва моддий жиҳатдан кўмаклашиш тўғрисида топшириқ берди.
Видеоселекторда қурилиш ишларини қайта жонлантириш ва қурилиш суръатини сусайтирмаслик ҳақида ҳам гапирилди.
Қайси ҳудудларда карантин чоралари юмшатилишини Республика комиссияси аниқлайди
Президент Мирзиёевнинг айтишича: “Ўзбекистонда коронавирус эпидемиясига қарши ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида кўплаб ҳудудлар бу хавфдан сақлаб қолинди. Шунга қарамай, аксарият вилоят ва туманларда корхоналар ўз ишини тўхтатган ёки тўлиқ қувват билан ишламаяпти. Бу ҳолат ҳудудлар иқтисодиёти ва ижтимоий соҳага, оддий қилиб айтганда, аҳоли ҳаётига салбий таъсир қилмоқда”.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Шавкат Мирзиёев 20 апрелда ўтказган видеоселектор йиғилишида Республика комиссиясига коронавирус умуман аниқланмаган ёки эпидемиологик вазият яхшиланган вилоят, туман ва шаҳарларда карантин чекловларини босқичма-босқич юмшатиш чораларини кўриш бўйича топшириқ берди.
Фаолияти тикланадиган объектларда ишлар санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ташкил этилади.
Йиғилишда айнан қайси вилоят, шаҳар ёки туманларда карантин чоралари юмшатилиши аниқ айтилмади. Бу ҳудудларни Коронавирусга қарши кураш бўйича тузилган Республика комиссияси аниқлаши лозим.
Президент 10-20та оилани боққан тадбиркор ва фермерларга имтиёзлар ваъда қилди
Бундан ташқари президент тадбиркорларга ҳар бир маҳаллада 10-20та муҳтож оилага озиқ-овқат ва моддий жиҳатдан кўмаклашиш тўғрисида топшириқ берди.
– Яқин кунларда барчамиз учун муқаддас бўлган Рамазон ойи кириб келади. Бу ойда эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш ҳам қарз, ҳам фарздир. Шунинг учун ушбу муқаддас ойда ҳар бир тадбиркор ўзи фаолият юритаётган ҳудудда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, аввало маҳалладошлари, қўни-қўшниларини фаол қўллаб-қувватлаши мақсадга мувофиқ, – деди президент.
Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, “Саховат ва кўмак” деб аталадиган мазкур умумхалқ ҳаракатида “йирик корхоналар, уларнинг жойлардаги таркибий бўлинмалари, фермерлар ва кластер хўжаликлари ҳам ихтиёрий қатнашиши муҳим”.
Ушбу ташаббус Савдо-саноат палатасининг жойлардаги бўлимлари, банклар, ижтимоий муҳофаза идоралари ҳамкорлигида амалга оширилиши белгиланди.
“Имкониятидан келиб чиқиб, қайсидир тадбиркор бир ойда мисол учун, 10 та, бошқа бири эса 20 та оилага кўмаклашиши, энг муҳими муҳтож оилалар аъзоларини ишга жалб қилиши мумкин. Давлат томонидан ўз навбатида бундай тадбиркорларга солиқ, лизинг, кредит тўловлари, зарур ресурслар билан таъминлаш бўйича турли имтиёз ва преференциялар берилади. Яъни, бу аҳолига давлат томонидан тадбиркорлик субъектлари орқали кўрсатиладиган саховат ва кўмак бўлади”, - деб айтган президент.
Йиғилишда, шунингдек, вақтинча ишламаётган ва ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаб, уларни манзилли асосда озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлаш кўламини янада кенгайтириш кераклиги таъкидланди.
Қурилишлар ҳажмини камайтирмаслик топшириғи берилди
Видеоселектор йиғилишида таъкидланишича, қурилиш соҳасида 1 миллион 325 минг киши иш билан таъминланган. Шунинг учун карантин даврида қурилиш ҳажми камайишига йўл қўймаслик шарт бўлади. Бунинг учун қурилиш соҳасига қўшимча 3,6 триллион сўм маблағ ажратилди.
“Жорий йилнинг биринчи чорагида қурилиш ишлари ҳажми 6,5 фоизга ўсган бўлса-да, ўтган йилнинг шу давридан 4 фоизли бандга орқада қолмоқда”, деб билдирилди йиғилишда.
Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда, барча қурилишларни давом эттиришга рухсат берилади. Ички ишлар вазирлигига соҳа корхоналари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларнинг ҳаракатланишига шароит яратиш вазифаси қўйилди.
“Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан хусусий пудрат ташкилотларига кредитларнинг фоиз харажатларини қисман қоплаш ва кредит суммасининг 50 фоизигача кафолат бериш механизми жорий этилиши белгиланди.
Янги тартиб асосида берилаётган ипотека кредитлари муддатини 15 йилдан 20 йилга узайтириш, шунингдек, ипотека кредитининг энг юқори чегарасини бозор талаблари асосида кўпайтириш кераклиги қайд этилди”, дейилади расмий хабарда.