Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси -“Ўзкомназорат”нинг 20 апрелда билдиришича, нақдсиз шаклдаги тўловлар ҳажмининг ошгани туфайли ахборот соҳасида фирибгарлар фаоллашиши мумкин.
Расмий хабарда айтилишича, фирибгарлар ижтимоий хизматлар номидан сўров юбориб, карантин вақтида картага махсус ёрдам пули тушириб беришни ваъда қилувчи фирибгарлар одамларнинг пулларини ўзлаштириши мумкин.
“Ўзкомназорат” бундай ҳолат хориж давлатларида кузатилганини билдирди. “Фирибгарлар банк номидан қўнғироқ қилиб, кам таъминланган оилалар учун хайрия акцияси ўтказилаётгани ҳақидаги ёлғон ахборот билан фуқаролар ва уларнинг оила аъзолари ҳақидаги маълумотларни ўзлаштириб, карта рақами ва унинг амал қилиш муддати ҳақида сўраш ҳолатлари кузатилмоқда. Улар SMS хабар орқали келган шахсий кодни билиб олиб, кейинчалик электрон ҳисоб рақамидаги пулларни ўғирлаши мумкинлиги айтилмоқда”, дейилади хабарлар.
“Ўзкомназорат” бу каби ёлғон SMS хабарларига алданмаслик, шахсий маълумотларни ва муҳим ахборотларни ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик, бегона одамларга бермаслик тавсия қилган.
14 апрель куни мазкур ташкилот “ўзини яккалаш” тартибига ўтган фуқароларнинг уйда ўтирганидан, шунингдек, одамларда коронавирус пандемияси сабаб хавотир кучли эканидан фойдаланиб қолаётган фирибгарлар турли усулларда кишиларни чалғитиб, уларнинг электрон ҳисобдаги маблағларини ўзлаштиришга ҳаракат қилаётгани тўғрисида аҳолини огоҳлантирган эди.
“Масалан, фуқароларга муайян сана ёки геожойлашув нуқтаси координатларини кўрсатиб, “Сиз карантин қоидасини буздингиз, энди Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига мувофиқ базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда жарима тўлайсиз”, деган мазмунда жаримани уйдан тўлаш ҳам мумкинлигини таъкидлаб, тўлов учун карта рақами кўрсатилган SMS хабарнома жўнатиш ҳолатлари ҳам учраб турибди”, дейилади расмий билдирувда.
Шундан келиб чиққан ҳолда, “Ўзкомназорат” ўзбекистонликларни бу каби SMSларга алданиб қолмасликка ва ҳеч қачон электрон ҳисобдаги маблағлар ёхуд турли махфий кодлар ҳақида бегона шахсларга маълумот бермасликка чақирган.