Озодлик радиоси тожик хизматининг ёзишича, жаҳонда коронавирус пандемияси вазияти мураккаблашиб бораётгани муносабати билан Тожикистондаги қатор жамоат ташкилотлари ва фаоллар Соғлиқни сақлаш вазирлигидан мамлакатдаги эпидемиологик вазият ҳақида маълумот беришни талаб қилди.
20 апрель куни вазирликка жўнатилган мактуб 18та жамоат ташкилоти ва фаоллар томонидан имзоланган. Мурожаатда Хитой ва Россиядан коронавирусни аниқлаш учун келтирилган тестлар сифати ҳақида ҳам маълумот бериш сўралган.
Айрим давлат раҳбарлари, жумладан, Беларус президенти Александр Лукашенка ҳам Россияда ишлаб чиқилган тестлар касалликни фақат 30 фоиз ҳолатдагина аниқлаётганини, тестлар сифатсиз эканини билдирган эди.
Тожикистон ҳукумати шу кунгача мамлакатда коронавирус аниқланмаганини айтиб келмоқда. Аммо сўнгги кунларда юз берган қатор ўлимлар жамоатчиликни бу баёнотга шубҳа билан қарашга мажбур қилмоқда.
Тожик ҳукумати ўлимлар коронавирусга боғлиқ эмаслигини билдирмоқда. Айни пайтда ўлганлар жасадлари қариндошларига берилмай дафн этилгани тўғрисида хабарлар бор.