Илк чоракда ташқи савдо айланмаси 10 фоизга камайди

Жорий йилнинг январь-март ойлари якунига кўра, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 8 млрд 140 млн 400 минг АҚШ долларини ташкил этиб, 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 924 млн 100 минг АҚШ долларига ёки 10,2 %га камайган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитасининг ТСА хусусида 21 апрель куни ёйинланган ҳисоботида айтилади.

Урғуланишича, илк чоракда ташқи савдо айланмасида экспорт ҳажми 10,9 фоизга (3 млрд 374 млн 700 минг АҚШ доллари), импорт ҳажми эса 9,7 фоизга (4 млрд 765 млн 700 минг АҚШ доллари) қисқарган. Ҳисобот даврида 1 млрд 390 млн 900 минг АҚШ доллари қийматида пассив ташқи савдо баланси қайд этилган.

Давстатқўм бу ҳолатни халқаро интеграциянинг камайишига ҳамда давлат чегараларнинг ёпилишига сабаб бўлган коронавирус пандемияси шароити билан изоҳлаган.