Шу кунда Ўзбекистонда судлар томонидан фақат эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш, майда безорилик, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш ва бошқа маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир; қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллаш; қамоқда сақлаш муддатини узайтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш; шахсни тиббий муассасага жойлаштириш; маъмурий қамоққа олиш; шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш (стационарда ётиш муддатини узайтириш); шахсни сил касаллигига қарши курашиш муассасасига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш (муассасада ётиш муддатини узайтириш); фуқарони муомала лаёқатини чеклаш ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисида ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган тоифадаги ишлар кўрилиши белгиланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати Озодлик сайтида 21 апрель куни вақтинча қамоққа олинган маҳбуслар вазияти мавҳум қолаётганига оид мақола чоп этилганидан кейин маълум қилди.
21 апрель куни ёйинланган мақола қаҳрамонлари карантин боис судлар ишламаëтгани, шу важдан яқинларининг қанча муддат қамоқда қолиши номаълумлигидан шикоят қилгандилар. Айни пайтда унда судьялар баъзи "муҳим" ишларни кўриш учун карантиндан чақиртириб олинаётгани ҳам урғуланган.
Матбуот хизмати ўз ахборотида Олий суд Раёсатининг 2020 йил 20 мартидаги “Ўзбекистон Республикаси судларида COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакат судларида фуқароларнинг шахсий қабули, суд жараёнлари ва сайёр суд мажлислари вақтинча тўхтатилганини эслатган.
Қайд этилишича, фуқароларга ҳужжатларни судларга фақат электрон шаклда орқали юбориш тавсия этилади.
Хабарномада кўриб чиқилиш учун тайинланган ишлар қолдирилганлиги сабабли уларни кўрилишга қайта тайинланган вақти бўйича суд мажлиси иштирокчиларига алоҳида хабар қилиниши айтилган.