Миссури штати бош прокурори АҚШ Хитойга қарши даъво аризаси киритди. Бош прокурор Эрик Шмитт Пекинни янги коронавирус тўғрисидаги маълумотни яширганликда, бунинг ортидан ўз штати аҳолисига зарар келтирганликда айбламоқда.
Даъво аризасида олдини олиш мумкин бўлган пандемиянинг юзага келишида айнан Хитой айбдор экани урғуланади. Шмиттга кўра, Хитой расмийлари мамлакатни тезроқ ёпишлари лозим эди. У хитойлик расмийларни коронавирус одамдан одамга ўтиш йўллари ҳақида огоҳлантирмоқчи бўлган кишиларни жим бўлишга мажбурлаганликда ҳам айбламоқда.
Даъво аризасида мазкур вазият Миссури учун иқтисодий зарар ҳам келтиргани қайд этилади.
Қўшма Штатларда судларга Хитойга қарши яна бир нечта хусусий даъво аризаси ҳам киритилган. Бундан ташқари, ABC телекомпанияси нью-йорклик уч киши Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти устидан судга арз қилгани ҳақида хабар қилади. Улар ЖССТни Пекин билан тил бириктирганликда айблаганлар.
Аввалроқ президент Дональд Трамп коронавирус инфекцияси тарқалишида ЖССТ “бошқарувда муваффақиятсизликлар”га йўл қўйганини айтиб, АҚШ ташкилотни молиялаштиришни вақтинча тўхтатишини билдирганди. Трампга кўра, ЖССТ Хитойга ортиқча ишониб кетиб, пандемияни аввал-бошдаёқ тўхтатиб қолиш имкониятини қўлдан бой берган. Кейинроқ ЖССТ бу иддаоларни рад этган.