Германияда коронавирусга қарши вакцинани ихтиёрчиларда синаб кўриш амалиёти бошланди. Амалиётга Германиядаги Паул Эрлих номидаги вакциналар ва биомедицина дори воситалари институти рухсат берди.
COVID-19га қарши вакцина Майнц шаҳридаги BioNTech ширкати томонидан кашф этилган. Синовнинг биринчи босқичида 200 нафар ихтиёрчи иштирок этади.
Вирусларга қарши кашф этилган истиқболли вакциналар дастлаб хужайраларда, кейин ҳайвонларда ва шундан сўнггина одамларда синаб қўрилади. Вакцинани одамларда синаш уч босқичга бўлинади. Вакцина уч босқичда муваффақиятли синовдан ўтган тақдирдагина, уни қўллаш еки қўлламаслик ҳақида хулоса берилади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунёда коронавирусга қарши 20та вакцинани ишлаб чиқиш юзасидан илмий изланишлар олиб борилаётганини билдирган эди.
Коронавирусга қарши вакцинани одамларда синаб кўриш тажрибаси биринчи бўлиб АҚШ ва Хитойда бошланган. Россия ҳам коронавирусга қарши олтита вакцинани ишлаб чиқиб, тажриба ўтказаётгани ҳақида билдирган.
Мутахассислар фикрича, коронавирусга қарши одамларни эмлаш мумкин бўлган вакцина 2021 йилда яратилади.