Россияда коронавирусга чалинган 2300 бемор оғир аҳволда

Шу кунгача Россияда коронавирусдан 513 одам вафот этди.

Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко 22 апрелдь куни мамлакатда коронавирусга чалинган беморлардан 2300 нафарининг аҳволи оғирлигини билдирди. Унга кўра, беморлардан 1300 нафари ўпкани сунъий нафас олдириш аппаратига уланган. Россия ҳукумати биринчи марта коронавирусга чалинганлар орасида аҳволи оғир бўлган беморлар ҳақида маълумот берди.

Вазирнинг айтишича, Москвани ҳисобга олмаганда, Россия минтақаларида коронавирус юқтирган 45 мингдан кўпроқ бемор бор. Улардан 2 минг нафари балоғат ёшига етмаган болалардир.

Расмий маълумотда айтилишича, бугунги кунгача Россияда 58 минг киши коронавирус юқтирган. Улардан 8 мингги уйда даволанмоқда.

Мурашко коронавирусдан ўлганлар сони беморларнинг 1 фоизини ташкил қилганини ва бу дунёдаги энг оз кўрсаткичлардан бири эканини айтди. Расмий маълумотларда қайд этилишича, шу кунгача Россияда коронавирусдан 513 одам вафот этди.