2020 йил 1 апрелдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги талаб қилинмайди.
Бу меъёр президент 22 апрель куни имзолаган “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда белгилаб қўйилди.
Фармонга асосан, 2020 йил 1 сентябрдан Ўзбекистон фуқаролари 15 кун ичида доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтишлари лозим бўлади. Доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишни расмийлаштириш бир кун ичида амалга оширилади.
Бундан ташқари, фуқароларнинг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда аввалги доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқиш тартиби бекор қилинади.
Фармонда фуқароларнинг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинишини расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига рўйхатга олиш штампини босиш амалиёти бекор қилиниши ҳам назарда тутилган.
2020 йил 1 сентябрдан доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда ҳарбий хизматга мажбурларнинг мудофаа ишлари бўлимларига ҳарбий ҳисобдан чиқиш ва ҳарбий ҳисобга туриш учун бориши тартиби бекор қилинади.