Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева айрим русийзабон сайтлар вазирлик томонидан киритилган қонун лойиҳасини нотўғри талқин қилаётганидан ёзғирди.
Гап вазирлик томонидан муҳокамага қўйилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси устида бормоқда. Қўшимча давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилмаган тақдирда, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда (446 минг сўмдан 1 млн 115 минг сўмгача) жарима солишни назарда тутади.
С.Ўринбоева мазкур ташаббус Ўзбекистонда ҳеч кимнинг ҳуқуқини поймол этмаслиги, унинг фақат давлат ташкилотларигагина алоқадор эканини тўртта модда билан изоҳлашга уринган.
“…шундай вазиятда рус пропаганда сайтлари провокация қилишни бошлаб юборди. Россиянинг Regnum нашри “Ўзбекистонда давлат органларида рус тилидан фойдаланганлик учун жарима белгиланади” деб ёзган бўлса, ўзимизда фаолият юритадиган Вести.уз сайти эса “Ўзбекистонда Пушкин тили учун жарима қўллашмоқчи” деб эълон қилди. Фарқини сезяпсизми? Ҳукумат буёқда давлат ташкилотлари "ўзбек тилини ҳурмат қилсин" (!), демоқда, пропагандачилар уёқда “рус тилига жарима солишмоқчи” демоқда”, дея урғулайди Адлия вазирлиги матбуот котиби.
Вазирлик масъули таъкидича, “давлат ташкилотлари ва уларнинг мансабдорлари Ўзбекистонда яшар экан, ўзбек тилини ҳурмат қилишга мажбур ва ҳурмат қилмаганлик учун керак бўлса жаримага тортиш керак, бу жуда тўғри қарор”.
Айни пайтда С.Ўринбоева Ўзбекистонда миллатидан, тилидан, динидан қатъи назар бошқа тилларда сўзлашувчи фуқаролар расмийлар томонидан ҳеч қачон жаримага тортилмаслиги, уларга қаршилик қилинмаслигини қўшимча қилади.