Пенсионерларга ва фуқароларга 2020 йил 20 апрель ҳолатигача бўлган даврда ортиқча тўлаб юборилган пенсия ва нафақалар аҳолидан қайтариб олинмайди. Бу ҳақда президентнинг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгилаб қўйилди.
Адлия вазирлигининг 27 апрелда билдиришича, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлигининг пенсия ва нафақалар тўғри тайинланиши ҳамда тўланиши бўйича текширишлар натижасида аниқланган, фуқароларга ортиқча тўланган пенсия ва нафақаларнинг 2020 йил 20 апрель ҳолати бўйича қарздорлик суммасини ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.
Фармонга асосан 2020 йил 1 майдан бошлаб давлат бюджети ҳисобидан пенсия олувчи шахслардан ташқари барча ишловчи пенсионерларга пенсиялар тўлови тўғридан-тўғри Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси орқали амалга оширилиши белгиланган.
Бундан ташқари ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган жисмоний шахслар рўйхатига киритилган шахсларнинг фондлардан, юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган беғараз ёрдам (пул маблағлари, товарлар ва хизматлар)га жисмоний шахсларнинг даромади сифатида қаралмайди ва улардан солиқ олинмайди.