Бухоро вилоят ҳокимлиги 27 апрель кунги табиий офатдан сўнг одамлар орасида ваҳима уйғотишга қаратилган, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ҳар хил шов-шувли маълумотлар, уйдирма ахборотлар тарқатиш ҳоллари учраётгани ҳақида баёнот тарқатди.
Ҳокимлик хабарномасида қайд этилишича, ана шундай хабарларнинг бирида гўёки бугун Амударё томондан кучли сув тошқини бўлиши ва аҳоли эвакуация қилинаётганлиги ҳақида сўз боради. Вилоят ҳокимлиги бу каби хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмаслигини урғулаган ва фейк хабар тарқатганлик учун жавобгарликдан огоҳлантирган.
Эслатиб ўтамиз, 27 апрель куни Ўзбекистон ҳудудида юз берган кучли шамол Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида аҳоли ҳаёти, инфратузилма тармоқлари ва қишлоқ хўжалиги экинларига катта зарар етказган ва бунда Бухоро вилояти энг кўп зарар кўрган.