Бухорода кучли шамол оқибатида ҳалок бўлган одам узилиб тушган электр симига ўралашиб қолган. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 28 апрелда Бухоро вилояти Олот тумани фаоллари билан учрашувда маълум қилди.
“Фақат фуқаро Ашуров — жойи жаннатдан бўлсин — у ҳам электр билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса сабаб вафот этган; фарзанди тирик. Унга ҳам барча чора-тадбирларимизни кўрамиз”, - деб иқтибос келтиради президент сўзларидан “Дарё уз”.
Маълумотга қараганда, Ашуровнинг устига дастлаб дарахт қулаган, кейин эса у узилиб тушган электр симига ўралашиб қолган.
“Худонинг ўзи асрагани — агар бу воқеа кундузи бўлганида эди, кўп одамни йўқотиб қўярдик. Одамлар саросимага тушиб қоларди. Кечаси одамлар ичкарида бўлгани учун одам йўқотмадик”, — деб айтган президент учрашув чоғида.
28 апрелга ўтар кечаси Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарёда кучли шамол бўлган эди. Шамол оқибатида Бухоро вилоятида 1 одам ўлгани, камида 41 одам жароҳатлангани хабар қилинган.
Бухорода 5200 дан ошиқ бинога (4800таси аҳоли уйи) зарар етди. Президент 28 апрель куни Бухоро вилоятига бориб, Олот ва Қоракўлни вертолётда айланди.