Қўшни давлатларга гуманитар ёрдам жўнатаётган Ўзбекистонга Хитой ёрдам юборди

Ўзбекистон ҳам Россияга уч марта гуманитар ёрдам жўнатган.

Хитой Ўзбекистонга жўнатган гуманитар ёрдамнинг бир қисми 29 апрель куни эрта тонгда Тошкентга етиб келди. Бу ҳақда Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълум қилди.

Тошкент халқаро аэропортига қўнган самолёт бортида қандай гуманитар ёрдам юклари олиб келингани айтилмаган.

Элчихонанинг қайд этишича, бу Ўзбекистонга юборилган гуманитар ёрдамнинг иккинчи қисмидир. Ёрдамнинг учинчи қисми ҳам яқин кунларда Ўзбекистонга жўнатилади.

“Юкларнинг қолган қисми (100 мингта тест-тизим, 50 мингта тиббиёт ҳимоя кийимлари, 150 мингта KN95 тиббиёт ниқоблари, 1 миллионта тиббиёт жарроҳлик ниқоблари, 150 мингта тиббиёт қўлқоплари ва 1000 дона масофавий термометр) ҳам тез орада тайёрланади ва Ўзбекистонга етказилади”, дейилади хабарда.

Март-апрел ойларида Ўзбекистон Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон ва Россияга катта миқдорда инсонпарварлик ёрдамлари жўнатган эди. Айни пайтда Ўзбекистоннинг ўзи Туркия ва Хитой каби давлатлардан инсонпарварлик ёрдамларини қабул қилмоқда.