Россия фуқаролари самолётда Москвага жўнатилди

Самолёт Тошкентдан соат 6:32да ҳавога кўтарилган.

“Новости” агентлигининг хабар беришича, бортида 174 нафар россиялик бўлган самолёт Тошкентдан соат 6:32да ҳавога кўтарилган. Мазкур рейс “Россия” авиаширкати томонидан амалга оширилмоқда.

Хабарда айтилишича, мазкур рейсга Ўзбекистон давлат хизматлари сайти орқали рўйхатдан ўтган россияликлар қўйилган. Уларга Тошкент халқаро аэропортига ўтишга рухсатнома берилган.

Айни пайтда мазкур рейс Ўзбекистонга ўзбек меҳнат муҳожирларини олиб қайтиши ёки қайтмаслиги номаълум бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Авазбек Ҳожиматов 7 апрель куни ўтказилган брифингда хориждаги ўзбекистонликларни ватанларига қайтариш мақсадида янги чартер рейсларини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилаётгани ҳақида билдирганди.

Расмий хориждан ватанга қайтиш истагини билдирган фуқаролар рўйхати тузилиб, у мунтазам янгиланаётганини ҳам таъкидлаган эди.