Коронавирус туфайли Россияда ишсиз қолган ўзбекистонликларни иш билан таъминлашга қаратилган лойиҳа тўлиқ ишга тушди. Бу ҳақда 30 апрель куни Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маълум қилди.
Хабарда айтилишича, лойиҳа Россиядаги Меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш халқаро ассоциацияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Апрель ойи бошида синов режимида иш бошлаб, 20 апрелдан тўлиқ ишга тушган лойиҳа доирасида шу кунгача 400 нафар ўзбекистонлик иш сўраб мурожаат қилган. Улардан 80 нафари иш билан таъминланган.
Расмий маълумотда айтилишича, коронавирус туфайли 2020 йил 18 апрелдан бошлаб Россиядаги меҳнат мигрантларининг ҳуқуқлари кенгайтирилган: 2020 йил 15 июнгача фуқаролиги, визаси, ишлаш учун рухсатнома ва патенти йўқ шахслар рўйхатга олинган жойидан қатъи назар Россия Федерациясининг исталган жойида ишлаши мумкин.
“Бироқ, ушбу чораларга қарамай, россиялик иш берувчилар иқтисодиётнинг пасайиши ва патентсиз ишчилар сабабли маъмурий жарималар тўлашнинг олдини олиш учун, чет эл фуқароларини ишга олишга эҳтиёткорлик билан қарамоқда. Шу ўринда ишчи мигрантлар ҳам ишончсиз иш берувчилар томонидан алданиб қолиш эҳтимолидан хавотирда”, дейилади хабарда.