Навоий вилоятининг Томди туманида яшовчи З.А. ҳамда А.А. "Қизил китоб"га киритилган икки бош жайрон ҳамда уч бош ёввойи қуённи ноқонуний равишда овлаганлиги учун жазога тортилди. Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.
Мазкур шахслар ўтган йил кузида вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари томонидан Томди тумани чўл ҳудудида амалга оширилган тезкор рейд тадбирлари чоғида тутилиб, уларга нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг 202-моддаси 3-қисми “ж” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Ушбу ҳолат юзасидан жайрон овчилари 2020 йил 15 апрель куни жиноят ишлар бўйича Зарафшон шаҳар судида судланган.
Суд ҳукмига кўра, етказилган зарар бўйича Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси фойдасига жавобгарлардан 68 млн 907 минг сўм ундириш лозим топилган.
Судланувчилардан ов қилиш билан боғлиқ воситалар - мотоцикл, ов қуроли давлат ҳисобига мусодара қилинган ҳамда уларга нисбатан 3 йил озодликдан чеклаш жазоси тайинланган.