Ҳиндистонда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш доирасида расмийлар томонидан қабул қилинган чеклов чоралари туфайли 140 миллионга яқин киши ишидан жудо бўлди. Бу ҳақда The Financial Times газетаси Ҳиндистон иқтисодиётини мониторинг қилиш маркази маълумотига таянган ҳолда хабар қилади.
Ходимлар ишдан бўшатилиши Ҳиндистонда ишсизлик даражасини 8 фоиздан 26 фоизга оширади.
Аҳоли сони 1 миллиард 300 миллион нафардан зиёд бўлган мамлакатда 35 кундан буён кескин карантин чоралари амал қилмоқда. Ҳиндистонда айни пайтгача коронавирусга чалинганлар сони 33 минг нафардан ошган, қурбонлар сони эса 1100 га етиб қолган.
Яқин кунларда бу мамлакатда карантин чоралари юмшатилиши кутиляпти. Экспертлар бу ҳолат беморлар сони кескин кўпайишига сабаб бўлиши мумкинлигидан хавотирланмоқдалар.