Бухоро вилоятида 27-28 апрель кунлари юз берган табиий офат оқибатларини бартараф этиш ишларига давлат бюджетидан 100 миллиард сўм ажратилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг “Бухоро вилоятида юз берган табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишида айтилади.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг қайд этишича, Бухоро вилоятида юз берган табиий офатдан зарар кўрган аҳолига ҳар томонлама тезкор ёрдам кўрсатиш мақсадида ҳукумат комиссияси ташкил этилган.
Президент фармойишига мувофиқ, ҳукумат комиссияси зиммасига етказилган зарар ва йўқотишлар миқдорини аниқлаш ва баҳолаш, фуқароларга вақтинча турар жой, озиқ-овқат, тиббий хизмат ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш, ижтимоий-иқтисодий, муҳандислик, транспорт ва энергетика инфратузилмасини ва бошқа ҳаётий муҳим объектлар ва тизимларни ишчанлик ҳолатига келтириш, қурилиш-тиклаш ишларига зарур бўладиган қурилиш материалларини миқдорини аниқлаш ва уларни етказиш, қишлоқ ва ўрмон хўжалигига етказилган зарарни ва йўқотишлар ўрнини қоплаш, ирригация ва мелиорация тармоқларини тиклаш, қисқа муддатларда нобуд бўлган ғалла ва пахта майдонларига бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экиш каби вазифалар юклатилган.
Таъкидланишича, комиссия 3 кун ичида табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиши лозим.
Президент фармойишида 10 кун муддатда Олот тумани аҳолисига қулай шарт-шароитлар яратиш, туман марказини яна обод қилиш мақсадида кўп қаватли уй-жойлар, маданий-маиший ҳамда бошқа ижтимоий объектлар қуриш бўйича таклиф ишлаб чиқилиши, 2 ҳафта муддатда Олот ва Қоракўл туманларида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан таклиф ишлаб чиқилиши қайд этилган.
Бунда кўрилаётган барча чора-тадбирлар коронавирус инфекцияси тарқалиши муносабати билан жорий қилинган карантин тартиб-қоидаларига қатъий риоя этилган ҳолда амалга оширилиши урғуланган.