АҚШ президенти Дональд Трамп коронавирус Хитойдаги вирусология лабораториясидан чиққанини “юксак ишонч билан” айтишга имкон берувчи далилларни кўрганини иддао қилмоқда. Трампнинг баёноти дунёда юз минглаб одам умрига зомин бўлган ва иқтисодиётга улкан зарар етказган хавфли вируснинг келиб чиқиши сунъийлиги ҳақида айрим олимлар томонидан илгари сурилган версияни такрорламоқда.
30 апрель куни Оқ уйда чиқиш қилган Трамп мазкур далиллар билан танишганини айтди, бироқ бошқа тафсилотларни очиқлашдан бош тортди.
Трампнинг бу сўзлари коронавируснинг келиб чиқиши бўйича АҚШ ва Хитой ўртасидаги ихтилофни кучайтириб юбориши мумкин. АҚШ президенти коронавирус ташқарига хатолик туфайли чиқиб кетган бўлиши мумкинлигига оид тахминини такрорларкан, “афтидан, Хитой вирус тарқалишини тўхтатиб қололмаган”, деди.
Трамп Хитой моллари учун янги бож тарифлари киритиш билан таҳдид қилди.
Дональд Трампнинг бу чиқишидан сал аввалроқ АҚШ разведка хизматлари пандемия Хитойдаги лабораторияда рўй берган хато туфайли ёйилган бўлиши мумкинлигига оид версияни ўрганаётганларини билдиргандилар. Разведка хизматлари текширувлар вируснинг сунъий равишда яратилмагани ва генетик жиҳатдан модификация қилинмаганини кўрсатганини маълум қилганлар.