Сардоба сув омборининг ўпирилиши юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ишнинг тергови Давлат хавфсизлик хизматига юкланди.
Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар қилишича, иш Жиноят кодексининг 207-моддаси 1-қисми (Мансабга совуққонлик билан қараш) ва 258-моддаси 2-қисми "б" банди (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан қўзғатилган.
Расмий хабарда алоҳида таъкидланишича, жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатларини олиб бориш ДХХ органларига юклатилган.
Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборининг тўғони 1 май куни эрталаб соат 5:55да ўпирилиши оқибатида яқин-атрофдаги аҳоли уйларини сув босди.
Расмийлар омбордан сув чиқиши 1 май соат тахминан 17:00га келиб тўхтаганини хабар қилди.
Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 22 та аҳоли пунктидан 70 мингга яқин киши эвакуция қилинди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Сардобадаги тошқин оқибатида 17300 кишига тиббий ёрдам кўрсатилган, улардан 56 нафари шифохонага жойлаштирилган.