2 май оқшомида президент Шавкат Мирзиёев Сардобадаги Гулистон шаҳрига эвакуация қилинган одамлар билан учрашди.
Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, Мирзиёев уйи-жойидан кўчирилган одамлардан кўнгил сўраган.
Юзма-юз мулоқотда президент, сув тошқинида уйи-жойи, мол-мулкини йўқотганларнинг зарари қоплаб берилиши, ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги, ҳаммага ғамхўрлик кўрсатилишини таъкидлади.
Шунингдек, президент 2 май куни сув босган маҳаллаларни айланди ва у ерда ҳам одамлар билан учрашиб, ёрдам ваъда қилди.
Айниқса, деҳқон фермерлар ишини тезроқ бошлаши учун тошқин оқибатларини тезроқ бартараф қилишга ҳаракат қилинаётганини урғулади.
Сўнгра президент 2 май оқшомида Тошкентга қайтди.
Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборининг тўғони 1 май куни эрталаб соат 5:55да ўпирилиши оқибатида яқин-атрофдаги аҳоли уйларини сув босди.
Расмийлар омбордан сув чиқиши 1 май соат тахминан 17:00га келиб тўхтаганини хабар қилди.
Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 22 та аҳоли пунктидан 70 мингга яқин киши эвакуция қилинди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Сардобадаги тошқин оқибатида 17300 кишига тиббий ёрдам кўрсатилган, улардан 56 нафари шифохонага жойлаштирилган.