Европанинг айрим мамлакатлари ва Қўшма Штатлар коронавирус тарқалиши сусаяётгани билан боғлиқ аломатлар пайдо бўлгани ортидан чекловларни эҳтиёткорлик билан юмшатмоқда ва ватандошларига бир неча ҳафтадан бери илк марта уйидан ташқарига чиқишга рухсат бермоқда.
Қўшма Штатларда президент Доналд Трамп пандемия ва АҚШ иқтисодиётини қайтадан ишга тушириш ҳақида 3 майда Вашингтондаги тадбирда маъруза қилади. Ушбу мамлакатда 1,1 миллиондан ошиқ вирус юқтирганлик ҳолати қайд этилди ва бу бутун дунёдаги кўрсаткичнинг қарийб 1/3 қисмидир. Ўлганлар сони эса ҳаммадан кўп – 66 мингтадан ошиб кетди.
Италия эса дунёда ўлганлар сони бўйича иккинчи, вирус юқтирганлик ҳолати бўйича учинчи ўринни эгаллаб турибди. Сўнгги ҳафталарда инфекция юқтирганлик, ўлим ва шифохоналарга ётқизилганлик ҳолатлари камайганидан сўнг 4 майда 4 миллион киши ишга чиқишга тайёргарлик кўрмоқда. Дунёдаги энг узоқ давом этган карантин талаблари енгиллатилмоқда.
2 майда Испания ҳукумати мамлакатдаги энг қаттиқ изоляция талабларини енгиллатгач, испанлар илк марта 48 кунлик карантиндан сўнг кўчаларга чиқди. Испанияда коронавирус оқибатида 25 мингдан ошиқ киши ўлди ва бу дунёдаги энг оғир кўрсаткичлардан биридир. Бироқ ҳукумат вакиллари пандемияга қарши курашда сергак бўлишга ундамоқда.
Шу кунгача дунё бўйича 243 мингдан ошиқ киши ҳалок бўлди ва 3,4 миллион киши коронавирус юқтириб олди, инсониятнинг ярми изоляция қилинди, жаҳон иқтисодиёти эса, Буюк депрессиядан сўнг, энг ёмон пасайди.
Вирус юқтиргандан сўнг 1 ҳафта шифохонада даволанган Британия бош вазири Борис Жонсон 3 майда Sun On Sunday газетасига, жонлантириш бўлимига тушиб қолганида тирик қолиши учун ўзига “литрлаб кислород” берилганини айтди.