Қозоғистон президенти Қасим -Жомарт Тоқаев 3 май куни Твиттердаги саҳифасида Ўзбекистоннинг Сардоба сув омборидаги дамба ёрилгани оқибатида Туркистон вилоятининг 10та қишлоғини сув босганини ёзди.
Қозоқ президентининг билдиришича, 22 мингдан кўпроқ киши эвакуация қилинди ва ҳукуматдан ёрдам олмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати билан музокаралар ўтказилмоқда.
Якшанба куни Туркистон вилоят ҳокимияти сув тошқинидан 620та уй-жой зарарланган, 3,5 минг гектардан кўпроқ экин майдони вайрон бўлганини билдирган. Вилоятда 22та эвакуация маркази ташкил этилди. Табиий офатдан кўрилган зарар ҳозирча 404 миллион тангага баҳоланмоқда.
Аввалроқ Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Махтаарал туманидаги 4та қишлоқдан жами 5,5 мингга яқин одам эвакуация қилингани хабар берилганди.
Маҳаллий ҳукумат 2 май куни тунда техноген характердаги фавқулодда ҳолат эълон қилди.
Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборининг тўғони 1 май куни эрталаб соат 5:55да ўпирилиши оқибатида яқин-атрофдаги аҳоли уйларини сув босди.
Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 22 та аҳоли пунктидан 70 мингга яқин киши эвакуция қилинди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Сардобадаги тошқин оқибатида 17300 кишига тиббий ёрдам кўрсатилган, улардан 56 нафари шифохонага жойлаштирилган.