Беларус президенти Александр Лукашенка 3 май куни Минскда Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган парад бекор қилинмаслигини ва ўз вақтида ўтказилишини билдирди.
“Коронавирус пандемиясига қарамай, бир неча минг одам Ғалаба паради ўтказилишини хоҳлаяпти”, деди Лукашенка.
Президентнинг айтишича, у парадни ўтказиш ёки ўтказмаслик масаласида узоқ ўйланган, аммо Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари “ундан ўзларини парадга биринчи бўлиб олиб келишни талаб қилган”.
Аввалроқ Беларусда 7 мингдан ортиқ фуқаро Ғалаба парадини ўтказиш муддатини ортга суриш илтимоси билан президентга петиция йўллаган эди. Мудофаа вазирлиги бунга жавобан мамлакатдаги эпидемиологик вазият қўрқинчли эмаслигини ва парад ўтказилиши учун тўсқинлик қила олмаслигини билдирган.
Беларус ҳукуматининг билдиришича, мамлакатда 3 май ҳолатига кўра, 15 828 киши коронавирусга чалинган. Беморлардан 97 нафари ўлган. Кейинги кунларда бир суткада беморлар сони 800-900 нафардан ортиб бормоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бир неча марта Беларусга қатъий карантин жорий этишни тавсия қилган.