Вазирлар маҳкамаси “2020 – 2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини электр энергия билан таъминлаш концепцияси”ни қабул қилди. Энергетика вазирлигининг билдиришича, стратегия халқаро экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган.
Стартегия аҳоли ва мамлакат иқтисодиётининг энергияга бўлган талабини қондириш мақсадида соҳани тубдан ислоҳ қилишга йўналтирилгани қайд этилмоқда.
“Концепцияда қуйидагиларга йўналтирилган устувор йўналишлар кўзда тутилган: мавжуд электрстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш, шунингдек электр энергия ишлаб чиқариш бўйича энергия самарадор технологиялардан фойдаланган ҳолда янги электр станцияларини қуриш; электр энергияси ҳисобини юритиш тизимини такомиллаштириш; қайта тикланадиган, айниқса, қуёш энергияси манбаларини ривожлантириш; тариф сиёсатини такомиллаштириш ва улгуржи бозорга чиқишни таъминлаш бўйича ҳуқуқий ислоҳотларни амалга ошириш”, дейилади расмий хабарда.
Ҳужжатга асосан 2030 йилгача электр энергиясининг ўрнатилган қувватини 12,9 ГВт дан 29,3 ГВтгача, ишлаб чиқаришни эса 63,6 млрд кВт⋅с.дан 120,8 кВт⋅с.гача кўпайтириш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари электр энергиясини ишлаб чиқаришдаги табиий газ сарфини 16,5 млрд кубометрдан 12,1 млрд кубометргача қисқартириш, электр энергияни узатишда йўқотишларни 2,35% га, ва уни тақсимлашда – 6,5% га камайтириш (2019 йилдаги даражани 1,85 маротаба камайтириш) ҳам белгиланган.