Ўзбекистон Маданият вазирлиги “жонли ёйин”да милицияни кескин танқид қилган хонанда Юлдуз Усмоновага эътироз билдирди.
“Юртимизга келган синовлар пайтида Юлдуз Усмонова томонидан билдирилган фикрлар ноўриндир, шунингдек, санъаткорнинг хабари бўлмаса керак, икки ой давомида ўз оиласи ва уйига хаттоки бормаётган ички ишлар ходимлари ижтимоий тармоқларда нолишаётгани йўқ”, дейилган вазирлик хабарномасида.
Аввалроқ Ўзбекистон халқ артисти Ю.Усмонова Инстаграмдаги “жонли ёйин”да ички ишлар ходимлари халқнинг қийин кунида асқотмаётганидан нолиркан, уларга қарата: “ҳозир Каримовнинг даврида яшамаяпсизлар ҳар куни клизма олгани”, дея ёзғирганди.
Маданият вазирлиги матбуот хизмати хонанда Ю.Усмоновага олдинроқ оммавий ахборот воситалари орқали ички ишлар ходимларига миннатдорлик билдирганини эслатаркан, “бир аччиқ гап билан уларга билдирган нафратингиз бу ниманинг далолати?” дея таъна қилади ҳамда “аччиқ устида гапирилган гапларни ижтимоий тармоққа чиқаришингиз бу нимаси?” дея танбеҳ беради.