Ўзбекистон президенти қирғизистонлик ҳамкасби билан телефон орқали мулоқот қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 4 май куни Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков билан телефон орқали мулоқот қилди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Мирзиёев билан Жээнбеков икки давлат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилганлар.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматларининг коронавирус пандемиясига қарши курашда яқиндан ҳамкорлик қилаётгани мамнуният билан қайд этилган, икки мамлакатда ушбу хавфли касаллик тарқалишининг, аввало, савдо-иқтисодий алоқаларга салбий оқибатларини камайтириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар қўллаб-қувватланган.

Туркий тиллий давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдан ташқари саммитида қабул қилинган қарорларга мувофиқ, президентлар соғлиқни сақлаш ва транспорт вазирликлари раҳбарларининг ташкил этилган кўп томонлама маслаҳатлашувлари натижаларини юксак баҳолаганлар.

Икки давлат раҳбари Ўзбекистонда Сардоба сув омборидаги фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш билан боғлиқ масалаларни ҳам кўриб чиққанлар.

Мулоқот якунида ўзаро товар айирбошлашнинг юқори суръатини сақлаш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперацияни кенгайтириш, устувор инвестиция ва инфратузилма, шу жумладан минтақавий аҳамиятдаги лойиҳаларни илгари суришга қаратилган биргаликдаги ишларни фаол давом эттиришга келишиб олинган. Шунингдек, суҳбат чоғида қатор халқаро масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Мирзиёев билан Жээнбеков мулоқоти чоғида куни кеча Фарғона вилоятининг Сўх туманида маҳаллий аҳоли билан қирғиз чегарачилар ўртасида юз берган можаро муҳокама қилинганми-йўқми – бу ҳақда хабарномада ҳеч қанақа маълумот берилмаган.