Жаҳонда Хитойга қарши норозилик Тяньаньмэнь воқеасидаги даражага чиқди

Тяньаньмэнь майдонидаги намойишни бостириш чоғида ҳалок бўлган одамлар, Пекин, 1989 йил 4 июни.

Коронавирус тарқалиши ортидан Хитойга қарши бутун дунёдан келаётган эътирозлар кўлами Тяньаньмэнь майдонида талабаларнинг ўққа тутилиши (1989 йили Пекинда намойишнинг бостирилиши, ўшанда қурбонлар сони бир неча юздан бир неча минг нафаргача бўлгани айтилади) давридан бери рекорд даражага чиқди. ХХР Давлат хавфсизлиги вазирлиги томонидан тайёрланган ҳисоботда ана шундай хулосага келинган, дея хабар қилади Reuters агентлиги.

Агентлик ўз тасарруфида ҳисобот матни йўқлиги, бироқ унинг мазмуни ҳақида хабардор манбалардан маълумот олганлигини маълум қилган.

Ҳисобот муаллифларига кўра, вирус туфайли Хитойга қарши билдирилаётган танқидлар (мамлакат инфекцияни лабораторияда яратганликда ва изларни йўқотишга уринаётганликда гумонланмоқда) ХХР томонидан ташкил этилган “Бир макон, бир йўл” глобал лойиҳасига қаршиликни кучайтириб юбориши мумкин. Бундан ташқари, мазкур қаршилик қабатида АҚШ Осиёдаги ўз иттифоқчиларини дастаклашни кучайтириши мумкин.

Ҳисобот Давлат хавфсизлиги вазирлиги қошидаги тадқиқот маркази - Хитой замонавий халқаро алоқалар институти томонидан ҳозирланган. Апрель ойида ҳужжат ХХР лидери Си Цзиньпин дохил мамлакат раҳбарияти вакилларига йўлланган.

Коронавирус сунъий йўл билан яратилганига оид норасмий версиялар бир неча ойдан бери муҳокама этиб келинмоқда (дейлик, Fox News’нинг кўплаб манбаларга таянган ҳолда ёйинлаган яқиндаги репортажида вирус манбаи Хитойнинг Ухан шаҳридаги лабораторияси бўлгани таъкидланади). Аммо сўнгги пайтларда бу каби эътирозлар расмий доиралар томонидан ҳам кўп дастакланмоқда.

Беш мамлакат (АҚШ, Австралия, Буюк Британия, Канада ва Янги Зеландия) разведкасининг матбуотга сизган ҳисоботида Хитой расмийлари вирус ёйилиши тўғрисидаги маълумотни яширгани ёки йўқ қилгани, врачларни жим бўлишга мажбур қилгани, лабораториядаги маълумотларни йўқ қилгани қайд этилган. АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги Хитой дастлабки босқичда касалликнинг ёйилиш кўламини яширгани, айни пайтда инфекцияга қарши кураш учун тиббий жиҳозлар импортини оширганини билдирган.

Хитойнинг энг фаол танқидчиларидан бири АҚШ бўлган, бироқ сўнгги пайтларда бошқа мамлакатлар расмийлари ҳам бу эътирозларни дастаклай бошлаган. Буюк Британия ва Германия вакиллари Хитойдан изоҳ сўраган.

Зотилжам (пневмония) келтириб чиқарувчи номаълум коронавируснинг ёйилиши Хитойнинг марказий қисмида ўтган йил декабридан (расмий маълумотларга кўра, хасталик ўчоғи Ухандаги денгиз маҳсулотлари ва ёввойи ҳайвонлар сотиладиган бозор бўлган) бошланган. Кейинчалик инфекция Европа мамлакатлари ва АҚШ дохил бошқа мамлакатларга ёйилган (ҳозирги пайтда АҚШ ва Европа Иттифоқи вирус энг кўп тарқалган жойлар бўлиб ҳисобланади), бу орада эса Хитойнинг ўзида хасталаниш камайган.

Хитой расмийлари вирус билан боғлиқ айбловларни рад этиб келмоқдалар.