Ўзбекистонда Давлат хизматлари марказлари томонидан табиий газ, электр энергияси, совуқ ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (маиший ҳисоблагичлар) қиёслашдан ўтказиш бўйича аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан келиб тушган аризаларни кўриб чиқиш муддатлари жорий йилнинг 1 сентябрига қадар узайтирилди. Бу ҳақда маълум қилган Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигига кўра, бу иш коронавирус пандемиясига қарши курашиш чоралари амал қилиш даврида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
“Бунда, муддати ўтган сертификатларга эга табиий газ, электр энергияси, совуқ ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналари (маиший ҳисоблагичлар) нинг кўрсаткичлариистисно тариқасида тегишли ҳисоботларда инобатга олинади”, дейилади хабарномада.
Агентлик аввал даврий метрологик текширувдан ўтган ўлчаш ва синов воситаларига расмийлаштирилган сертификатларнинг амал қилиш муддатлари эпидемиологик ҳолат даврида тугаган ёки тугайдиганларини ушбу даврда ўрнатилган чекловлар сабабли метрологик текширувини ўтказиш имкониятлари мавжуд бўлмаса, қиёслаш сертификатлари ўрнатилган карантин даврида амал қилишини билдирган.