Туркманистоннинг Лебап ва Мари вилоятида юз берган табиий офатдан жабрланган фуқаролар ҳукумат томонидан ҳеч қандай моддий кўмак ёки қўллов кўрсатилмаётганини айтмоқдалар.
Озодлик радиоси туркман хизматининг билдиришича, 27 апрель куни бу вилоятларда қум бўрони ва кучли шамол оқибатида камида 30 одам, жумладан, болалар ҳам ҳалок бўлган. Кўплаб уйлар вайронага айланган.
4 май куни мазкур вилоятларда кучли ёмғир ёға бошлади. Уйсиз қолган аҳоли озиқ-овқат етишмовчилигидан ва бошпанасизликдан азоб чекмоқда. Табиий офат ортидан минтақадаги тижоратчилар нарх-навони кескин кўтариб юборган.
Айрим одамлар маҳаллий ҳукумат улардан “ҳеч қандай шикоятларимиз йўқ”, деган маънода тилхат ёздириб олаётганини айтмоқдалар. Лебап вилояти маркази Туркманободда эса маҳаллий ҳукумат уйи бузилганларга арзон нархда қурилиш материаллари сотиб олишни таклиф қилмоқда. Лекин аҳоли қурилиш материалларини сотиб олишга пули йўқлигидан нолимоқда.
Қум бўронидан сўнг электр энергияси, сув ва газ таъминоти тўлиқ қайта тикланмаган.
28 апрелга ўтар кечаси Туркманистонда бошланган кучли бўрон Ўзбекистоннинг Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларига ҳам етиб келган эди. Бунинг натижасида аҳоли ҳаёти, инфратузилма тармоқлари ва қишлоқ хўжалиги экинларига катта зарар етган.
Бухоро вилоятида эса 1 одам ўлди, камида 41 одам жароҳатланди, 5200 дан ошиқ бинога зарар етди. Ўшанда шамол тезлиги 9-40 м/сек.ни (32-140 км/соатгача) ташкил қилгани билдирилган.
Президент Шавкат Мирзиёев 29 апрель куни зудлик билан Бухоро вилоятига сафар қилиб, вертолётда зарар кўрган туманларни айланган.