Ўзбекистон Қозоғистоннинг Мақтаарал (Пахтаорол) туманидаги барча коллекторларни тозалашда ёрдам беради. Kazinform хабарига кўра, бу ҳақда Туркистон вилояти ҳокими Ўмирзақ Шўкеев 5 май куни ўтказилган ҳукумат йиғилишида маълум қилган.
Ўзбекистонлик мутахассислар билан тиғиз алоқада эканини айтган Шўкеев вазият барқарорлашганидан сўнг улар ўз техника воситалари билан келиб, Мақтааралдаги барча коллекторларни тозалашга ёрдам беришини қайд этган.
“Биз фақат уларнинг чегарадан ўтишига имкон яратиб берсак бас”, деган Туркистон вилояти ҳокими.
Табиий офат натижасида, дастлабки маълумотларга кўра, Мақтааралда жами 845 та уй, 3 та мактаб, 5 та болалар боғчаси, 4 та тиббиёт муассасаси, 1 маданият уйи ва 10 та дўкон сув остида қолган, 7 639 гектар экин майдонини сув ювиб кетган.