Виртуал ва орттирилган воқеликда3D-лойиҳалар ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи VRonica студияси Ўзбекистон музейлари бўйлаб виртуал саёҳатлар уюштириш имконини берувчи VRmuseum лойиҳасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда IT-Park матбуот хизмати маълум қилади.
VRmuseum VRonica ширкати учун волонтерлик лойиҳаси бўлиб ҳисобланади. Коронавирус тарқалишига қарши чора ўлароқ Тошкент бўйлаб ҳаракатланишга муваққат чекловлар киритилган бир пайтда ширкат миллий музейлар учун текинга виртуал турлар ясаб беришга қарор қилган.
Ҳозирда 13 музей экспонатлари суратга олинган. Улардан 6 тасига ҳозирданоқ саёҳат қилиш мумкин, яна 7 таси бўйича иш олиб борилмоқда. Ширкат вакиллари яна 26 та музейни суратга олишни режаламоқда.
Саёҳат қилиш мумкин бўлган тайёр лойиҳалар орасида Ўзбекистон Давлат санъат музейи, Халқ амалиёти санъати музейи, Табиат музейи, Тарих музейи, Темурийлар тарихи музейи, Абдулла Қодирий уй-музейи кабилар бор.