Мирзиёев Сардоба тошқини айбдорларининг жазоланишини ваъда қилди

Шавкат Мирзиёев Сардоба сув омбори ёнида, 2020 йил 2 майи.

“Сардоба” сув омбори тўғонининг ўпирилишида айбдор бўлган шахслар, ким бўлишидан қатъи назар, қонун олдида жавоб беради. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида мамлакатда амалга оширилаётган ишларга ҳамда Бухоро ва Сирдарё вилоятларида юз берган фавқулодда ҳодисаларга бағишлаб 5 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирди.

“Халқимиз бир нарсадан кўнгли тўқ бўлиши керак, ҳеч қандай ортиқча гап-сўзларга ва миш-мишларга ўрин бўлмаслиги лозим. Менинг топшириғимга кўра ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан сув тошқини билан боғлиқ воқеа юзасидан объектив, холис ва кенг қамровли тергов ҳаракатлари бошланган. Халқимизни ишонтириб айтаман, тергов якунлари бўйича барча айбдорлар, ким бўлиши ва эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, қонун олдида жавоб беради”, дея иқтибос келтиради Ш. Мирзиёев сўзларидан президент матбуот хизмати.

Президент Сирдарёдаги сув тошқини ўзбекистонликлар учун аччиқ сабоқ бўлганини таъкидлаган.

“Шу сабабли сув омбори масаласида биз халқаро экспертларни жалб этган ҳолда тўғоннинг барча дамбаларини чуқур экспертизадан ўтказамиз. Фақат шундан кейингина якуний хулосага келамиз”, деган Ш. Мирзиёев ўз топшириғига биноан ҳозирги кунда тегишли давлат органлари томонидан кучли ёғингарчилик сабабли эрозия юзага келиши мумкин бўлган барча гидроиншоотлар, тўғонлар ва ГЭСларда текширув ишлари олиб борилаётганини қўшимча қилган.

Эслатиб ўтамиз, Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборининг тўғони 1 май куни эрталаб соат 5:55да ўпирилиши оқибатида тошқин юзага келиб, чор-атрофни сув босган. Фавқулодда вазият туфайли вилоятнинг Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 24 та маҳалладан 90 мингга яқин киши эвакуация қилинган. Тошқин важидан 4 киши нобуд бўлган, 1 киши бедарак йўқолган.