Эпидемиологик вазият яхши бўлган ҳудудларда ноозиқ-овқат дўконлари, тиббий диагностика, такси хизмати, уй таъмирлаш, тикувчилик, маиший техника ва пойабзал тузатиш, сартарошхоналар фаолияти бўйича кучайтирилган санитария талабларини белгилаган ҳолда, иш бошлашига рухсат берилади.
Президент Шавкат Мирзиёев 5 май куни ўтган йиғилишда мутасаддиларга мана шундай кўрсатма берди.
Айни пайтда коронавирус тўла бартараф бўлмагани сабабли, одамлар кўп тўпланадиган объектлар, жумладан, театр, концерт ва спорт заллари, тўйхоналар, жамоат транспорти бўйича чекловлар маълум муддатгача сақланиб қолади.
Республика комиссиясига хизмат кўрсатиш турларини қайси ҳудудларда ва қандай шартлар асосида йўлга қўйишни белгилаш топширилди.
– Эпидемиологик вазият яхшилангани сари чекловларни бекор қилишни давом эттирамиз. Аксинча, вазият ёмонлашса, карантин чораларини қайта тиклаймиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳокимликлар билан бирга ҳар бир туман ва шаҳарнинг карантин даражасини белгилаш, жойлардаги вазият ўзгаришига қараб, тезкорлик билан карантин даражаларини янгилаб бориш вазифаси қўйилди.