Хонанда Юлдуз Усмонованинг ички ишлар ходимларини ҳақорат қилгани юзасидан иш 5 май куни судда кўрилгани йўқ.
Аввалроқ Озодлик манбалари мазкур маҳкама Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туман судида сешанба куни тушдан кейин бошланиши ҳақида маълум қилган эдилар. Бироқ айтилган суд ўтказилмай қолди.
Маҳаллий журналистларнинг маҳкама нега ўтказилмаганига оид саволига Олий суд матбуот хизмати ўз Телеграм-канали орқали жавоб йўллади. Унда айтилишича, “ҳозирги пайтга қадар фуқаро Юлдуз Усмоновага оид иш материаллари судга келиб тушмаган”.
"Ушбу иш суриштирув органи томонидан судга тақдим этилиши билан суд мажлиси ўтказилади ва қонун доирасида кўриб чиқилади", дейилади Олий суд изоҳида.
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова 4 май куни Instagram ижтимоий тармоғидаги жонли эфирда ИИБ ходимларини таҳқирлагани ортидан Ички ишлар вазирлиги баёнот бериб, хонандани ички ишлар органлари ходимлари шаъни ва қадр-қимматини камситишга ҳаракат қилганликда айблаган ва унга нисбатан қонуний тартибда чора белгиланишини билдирганди.
Айни пайтда Маданият вазирлигининг милицияни танқид қилган Юлдуз Усмоновага нисбатан эътироз баёноти ёйинланди. “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси эса маҳаллий матбуотга хонанданинг ахлоқ-одоби Маданият вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгашида кўриб чиқилишини маълум қилган.
Шу куннинг ўзида ижтимоий тармоқларда Юлдуз Усмонованинг куч ишлатар тузилмалар ходимларидан узр сўраб чиққан видеоси тарқалди.