Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўзбекистонликларни Германия, Чехия, Литва давлатларига ишга жойлаш учун ваъда берган, бироқ шартнома шартларини бажармаган хусусий бандлик агентликларидан тўрттасининг лицензиясини бекор қилди.
Меҳнат вазирлиги маълумотига кўра, вазирлик ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига “Oxiana work xususiy bandlik agentligi”, “Taraqqiyot milliy markazi xususiy bandlik agentligi”, “World work xususiy bandlik agentligi” ва “Work in World xususiy bandlik agentligi” МЧЖлар фаолияти устидан шикоят аризалари келиб тушган.
Мазкур ХБАлар мижозлар билан тузилган шартнома шартларига риоя қилмагани аниқланганидан кейин Ўзбекистондан ташқарида иш излаётган шахсларни ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланиш учун уларга берилган лицензиянинг амал қилиши тўхтатилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда иш қидираётган шахсларга чет элдан иш топиб бериш мақсадида лицензияга эга бўлган 65 та хусусий бандлик агентликларидан 30таси бирорта ҳам фуқарони хорижий давлатларга ишга юбормагани маълум қилинган. Бундай ХБАлардан айримларининг лицензияси бекор қилинган.