АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер толиблар ўз мажбуриятларини бажармаётгани, жангариларнинг зўравонлик ҳаракатлари бу йил Вашингтон билан зўрға имзоланган шартномани йўққа чиқариши мумкинлигини билдирди.
Қатарда узоқ давом этган музокаралардан кейин “Толибон” ҳаракати ва Қўшма Штатлар 29 февраль куни зўравонлик даражасини пасайтириш ҳамда Афғонистон ҳукумати билан музокараларга ўтишга оид битимни имзолаган эдилар. Ҳужжат Афғонистонда 18 йилдан бери давом этиб келаётган урушни тўхтатишга қаратилган эди, бироқ битим имзоланганидан бери жангариларнинг ҳужумлари камайиш ўрнига кўпайиб кетган.
Мудофаа вазири Эспер фикрича, толиблар ҳам, Афғонистон ҳукумати ҳам зиммаларидаги мажбуриятларни бажармаяптилар.
Афғонистон ҳукумати Қўшма Штатлар ва Толибон ўртасида тузилган шартнома иштирокчиси бўлиб ҳисобланмайди, бироқ битим афғонлараро ички музокаралар арафасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш чораси ўлароқ асирга олинган беш минг Толибон жангарисининг Кобул томонидан озод қилинишини кўзда тутади.
Марк Эсперга кўра, Афғонистон ҳукумати ва Толибон “кучларини жамлаб, баён қилинган шартларда олға силжишлари” мақсадга мувофиқ бўлади.