Марказий Осиё мамлакатлари Хитойга етказиб бериладиган газ миқдорини камайтиришни муҳокама қилмоқдалар

Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистон газчилари коронавирус пандемияси ортидан талаб пасайгани туфайли Хитойга табиий газ етказиб беришни қисқартириш масаласини муҳокама қилмоқдалар. Бу ҳақда “Ўзбекнефтегаз” ширкати бош директори Меҳриддин Абдуллаев S&P Global Platts ахборот агентлигига билдирган.

“Хитой газ етказиб беришни қисқартиришни сўради, бироқ етказиб бериладиган газ ҳажми Туркманистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида пропорционал даражада қисқартирилишини қайд этди”, дея иқтибос келтиради агентлик М. Абдуллаев сўзларидан.

“Ўзбекнефтегаз” раҳбарига кўра, Хитойга газ етказувчи уч мамлакатнинг мувофиқлаштирувчи кенгаши етказиб бериладиган аниқ газ ҳажмини муҳокама қилмоқда, бироқ якуний қарор ҳали қабул қилинганича йўқ.

Хитойнинг табиий газга бўлган талаби бу йил коронавирус ёйилиши қабатида пасайди. ХХРнинг PetroChina ширкати форс-мажор эълон қилганидан кейин март ойида Қозоғистон Хитойга экспорт қилинадиган газ миқдорини 20−25 фоизга қисқартиришини билдирган.

Хитойга табиий газ Марказий Осиё мамлакатларидан “Туркманистон−Қозоғистон−Ўзбекистон−Хитой” газ қувури орқали етказиб берилади. Мазкур қувур йилига 55 миллиард куб метр газ етказиб бериш имкониятига эга.

“Ўзбекнефтегаз” маълумотига кўра, Ўзбекистон Хитойга йилига 10 млрд куб метрга яқин газ етказиб беради. Хитой божхона хизмати маълумотларига мувофиқ, 2019 йили Қозоғистон бу мамлакатга 7,1 млрд куб метр, Туркманистон эса 33,2 млрд куб метр газ етказиб берган.