Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши ортидан юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш учун Сирдарё вилояти маҳаллий бюджетига 100 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилди. Бу борада президентнинг махсус фармойиши Lex.uz порталида эълон қилинди.
Фармойишда белгиланишича, Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида 2020-2021 йиллар давомида 50та кўп қаватли уй-жой қурилади. Мазкур уйлардаги хонадонлар уйларини сув босган шахсларга беғараз берилади.
Бундан ташқари, фармойишга асосан Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғонидан сув тошиши оқибатларини бартараф этиш ва ҳодиса сабабларини ўрганиш бўйича ҳукумат комиссияси ташкил этилди. Унга Бош вазир Абдулла Арипов раис этиб тайинланди.