Ўзбекистон мусулмонлари идораси жоме масжидларда шу йил 6 майдан эътиборан таровиҳ ва жума намозлари ўқилиши тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган аудиохабарлар “ёлғон ва ҳақиқатга тўғри келмайди”, деб билдирди.
“Юртимиздаги эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвоси ва Рамазон ойини ўтказиш бўйича баёнотида жума намози ўрнига уйда пешин намозини, беш маҳал ва Рамазон ойидаги таровиҳ намозларини уйда ўқиш ҳақида алоҳида қайд этилган”, дейилади расмий хабарда.
Муфтиятнинг билдиришича, масжидларда жамоа бўлиб намоз ўқишга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарори билангина рухсат берилади. Муфтият бундай қарор қабул қилинган тақдирда, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий нашрлари жамоат бўлиб ибодат қилиш бошланиши ҳақида эълон қилинишини билдирди.