Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 май куни Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин билан телефон орқали мулоқот қилди.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, давлат раҳбарлари коронавирус инфекциясига қарши давом этаётган курашнинг энг мураккаб даврида кўрсатилган ўзаро кўмак ва гуманитар ёрдамни катта мамнуният ва миннатдорлик билан қайд этганлар.
Буларнинг барчаси, икки давлат раҳбарлари қаноатича, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.
Давлат раҳбарлари икки мамлакатнинг соғлиқни сақлаш ва санитария-эпидемиология назорати соҳасидаги идоралари ўртасида фаол алмашинувларни давом эттиришга келишиб олганлар.
“Шунингдек, кўп қиррали, шу жумладан сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молия, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа муҳим йўналишлардаги ҳамкорликнинг ҳолати ва уни кенгайтириш истиқболлари батафсил муҳокама қилинди. ХХРнинг илғор тажрибасини ўрганиш ва жорий этиш асосида камбағалликни қисқартириш масалаларида самарали мулоқот бошлангани алоҳида таъкидланди”, дейилади хабарномада.
Қайд этилишича, суҳбат натижаларига кўра икки томонлама олий даражадаги тадбирларга пухта тайёргарлик кўриш ишлари давом эттирилади. Икки мамлакат вазирлик ва идоралари, ҳудудлар маъмуриятлари, банк-молия институтлари ва етакчи компаниялари пандемиянинг салбий оқибатларини камайтириш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун янги имкониятларни излаш мақсадида ҳамкорликдаги ишларини фаоллаштиради.
Давлат раҳбарлари минтақавий аҳамиятга молик қатор долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашганлар. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа нуфузли халқаро тузилмалар доирасида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириб боришга қатъий интилиш тасдиқланган.