Алишер Усмонов Сардоба тошқинидан жабрланганларга 15 миллион доллар ажратди

Алишер Усмонов апрелда ҳам коронавирусга қарши кураш учун Ўзбекистонга 20 миллион доллар берган эди.

Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмонов Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши оқибатида сув тошқинидан жабр кўрган аҳолига 15 миллион доллардан кўпроқ маблағ ажратди.

Маҳаллий матбуотнинг хабар беришича, мазкур маблағнинг 10 миллион доллари ўзбекистонликларга, 5 миллион 202 минг доллари Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Мақтараал тумани аҳолисига берилади.

Мақтаарал туманида Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши оқибатида 5202 оила жабр кўргани хабар қилинган. Усмонов ҳар бир оилага минг доллардан ажратган.

Апрелда Алишер Усмонов Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашишда ёрдамлашиш учун "Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик" Жамоат фондига 20 миллион доллар маблағ бергани хабар қилинган.

Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши ортидан юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш учун Сирдарё вилояти маҳаллий бюджетига 100 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилди.

Президент фармойишига кўра, Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида 2020-2021 йиллар давомида 50 та кўп қаватли уй-жой қурилади. Мазкур уйлардаги хонадонлар уйларини сув босган шахсларга беғараз берилади.