Президент Шавкат Мирзиёев 8 май куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Расмий маълумотда билдирилишича, президентлар суҳбат аввалида фашизм устидан қозонилган Ғалаба куни муносабати билан бир-бирларини табриклаб, уруш фахрийлари ва биродар халқларга тинчлик, сиҳат-саломатлик ва фаровонлик тиладилар.
Суҳбатнинг асосий мавзуси чегараолди ҳудудларда Сардоба сув омборидаги фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш мақсадида яқин ҳамкорликни давом эттириш масалалари бўлди.
Жабр кўрган туманларда аҳолига манзилли ёрдам кўрсатиш ва инфратузилмани тиклаш бўйича навбатдаги қадамлар келишиб олинди.
“Президентлар коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ жорий эпидемиологик вазиятни ҳам кўриб чиқдилар. Пандемияга қарши кураш, аҳоли ва бизнес учун чекловларни босқичма-босқич юмшатиш борасида мамлакатларимизда кўрилаётган чоралар қўллаб-қувватланди”, дейилади хабарда.