Туркманистон пойтахти Ашхободдаги давлатга қарашли дўконларда харидорларга сотиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажми яна қисқартирилди.
Озодлик радиоси туркман хизматининг билдиришича, масалан, давлат магазинларида аввал бир одамга иккита товуқ сони сотилган бўлса, ҳозир фақат биттадан сотилмоқда. Шунингдек бир кишига фақат бир литрдан кўп бўлмаган миқдорда ўсимлик ёғи сотилмоқда.
Озодлик радиоси туркман хизмати мухбирларининг билдиришларича, Ашхободдаги давлат дўконларига бир кунда 125 кишига мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келиняпти. Озиқ-овқат тақчиллиги ортидан нарх-наво кундан кунга қимматламоқда.
Бугунги кунда 1 литр ўсимлик 1 ёғи 13 манат (деярли 4 доллар), 1 кило товуқ гўшти 10 манат (3 доллардан кўпроқ), 1 кило шакар 7 манат (2 доллар)дан сотилмоқда. Хусусий дўконларда эса ёғнинг бир литри 35 манат (10 доллар), товуқ гўшти 25 манат ( 7 доллардан кўпроқ) ва шакар 9 манат (3 долларга яқин)дан сотилмоқда.
Туркман хизмати мухбирлари вилоятларда аҳвол бундан ҳам аянчли эканини айтмоқдалар.
Озодлик радиоси сўнгги марта 20 апрель куни Тукрманистонда нон қимматлагани ва озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллашгани ортидан одамлар ярим кечадан бошлаб магазинлар олдида навбатга тураётгани ҳақида ёзган эди. Аммо полициянинг қатъий назорати остида сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари навбатда турганларнинг барчасига етмай қолмоқда.
Ун етишмовчилиги оқибатида, давлат дўконларида аввал 2 манатдан сотилган нон икки ярим баробарга қимматлади ва 5 манатдан сотилмоқда (1 доллар 3,5 манат). Маҳаллий уннинг нархи эса 7 манатдан 9 манатга қимматлади.