Мирзиёев Тожикистонга мобил шифохонага айлантирилган контейнерлар йўллади

ССВ маълумотига кўра, Тожикистонда коронавирус юқтириб олганлар сони шу пайтгача 461 нафарга етган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 май куни ўз ҳукуматига гуманитар ёрдам сифатида Тожикистонга 144 та мобил тиббий контейнер жўнатиш ҳақида топшириқ берган. Коронавирусга чалинганлар жойлаштирилиб, муолажа этиладиган бу контейнерлар 8 май тонгидаёқ темир йўл орқали Душанбега етказилган. Бу ҳақда “Азия-Плюс” ахборот агентлиги хабар қилади.

Тожикистон пойтахтига келтирилган контейнерлар муваққат хастахона барпо этиладиган “Бофанда” стадионига йўлланади. Контейнерларда кўрпа-тўшакли кроватлар ва кондиционер ўрнатилган бўлиб, душ ва ҳожатхонага ҳам эга.

Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси ходимларига кўра, бу контейнерлар шифохоналар учун юкламани камайтиради.

Бундан ташқари, Мирзиёев Тожикистонга Мудофаа вазирлиги учоғи билан инсонпарварлик ёрдами йўллашни ҳам буюрган. Учоқ 8 май куни қўшни мамлакатга ўнта ўпканинг сунъий вентиляцияси аппарати, дори-дармон, тиббий ҳимоя халатлари, қўлқоплар ва респираторларни етказиб берди. Айни учоқда коронавирусга қарши кураш тажрибасига эга бўлган ўзбекистонлик саккиз нафар эпидемиолог ва вирусолог врач ҳам Душанбега етиб борди.

Ўзбекистон Тожикистонга апрель ойида ҳам инсонпарварлик ёрдами йўллаган. Ўшанда Сурхондарё вилоятидан Душанбега 18 вагонда ун, тозалаш воситалари, тиббий халатлар, қўлқоплар, ниқоблар, кўзойнаклар, респиратор ва пирометрлар жўнатилганди.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидан маълум қилишларича, 7 май ҳолатига кўра, мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 461 нафарга етган. 12 киши инфекциядан нобуд бўлган.