Аввал ГУМ ва Turkuaz номлари билан машҳур бўлган, эндиликда эса “Тошкент савдо маркази” деб юритиладиган мажмуа кимошди савдосида сотилади. Бу ҳақда Spot нашри Ўзбекистон ҳукуматидаги ўз манбалари сўзларига таянган ҳолда хабар қилади.
Совет даври ва мустақилликнинг дастлабки йилларида ГУМ деб аталган 3 қаватли савдо мажмуаси биносида 2000 йилдан 2011 йилгача Turkuaz дўкони жойлашганди.
2011 йили Turkuaz ёпилган, дўкон эгалари бўлган туркиялик тадбиркорлар эса Ўзбекистондан бадарға қилинган. Дўкон соҳиби Воҳид Гунеш 2012 йили мусодара қилинган мулкини қайтариб олиш мақсадида халқаро арбитражга мурожаат қилган. Бу ишни кўриб чиқиш ҳалигача давом этмоқда.
Ўшандан буён бу бино “Тошкент савдо маркази” ОАЖ томонидан бошқариб келинади.
Ўзбекистон ҳукумати шу йил май ойи бошларида мажмуани сотиш таклифини маъқуллади. Бунинг янги инвестициялар жалб қилиш ва давлат мулкидан самаралироқ фойдаланишга имкон бериши кутилмоқда.
Давлат хизматлари агентлиги томонидан ёлланган баҳолаш ширкати савдо мажмуаси биносини 303 миллиард 500 миллион сўмга (тақрибан 30 миллион АҚШ доллари) баҳолаган. Савдо маркази ана шу бошланғич нарх билан E-auksion онлайн-майдончасида сотувга қўйилади. Бинони кимошди орқали сотишга муваффақ бўлинмаган тақдирда, тендер савдолари ўтказилади.